1
Алиф. Лаам. Миим. Соод.
2
Бу сенга у ила огоҳлантиришинг учун ва мўминларга эслатма этиб нозил қилинган китобдир. Кўнглингда ундан танглик бўлмасин.
3
Сизларга Роббингиздан нозил қилинган нарсага эргашинглар! Ундан бошқа валий-дўстларга эргашманглар. Жуда оз эслайсизлар.
4
Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларни ҳалок қилдик. Бас, азобимиз уларга тун уйқусида ёки кун уйқусида келди. (Аллоҳ таоло исён қилган кўплаб қавмларни ҳалокатга учратган, уларга Аллоҳнинг азоби кечаси ёки кундузи ухлаб ётган вақтларида, ғафлатнинг чўққисига чиққанларида келган.)
5
Бас, Бизнинг азобимиз келган чоғида уларнинг даъволари: «Албатта, биз золимлардан бўлган эдик», дейишларидан бошқа нарса бўлмади.
6
Бас, Биз, албатта, Пайғамбар юборилганлардан ҳам ва, албатта, Пайғамбарлардан ҳам сўрармиз. (Яъни, охиратда Пайғамбар келган ҳар бир қавмдан, шахсдан: «Сизларга Пайғамбар келдими? Бизнинг амрларимизни етказдими? Сизлар нима дедингиз?» деб сўралади. Шунингдек, Пайғамбарлардан ҳам: «Амримизни умматларингизга етказдингизми? Улар сизга қандай жавоб бердилар?» деб сўралади.)
7
Бас, уларга илмий равишда қисса қилиб берурмиз. Ҳолбуки, Биз ғойиб бўлмаган эдик.
8
Ўша куни (амалларни) тортиш ҳақдир. Бас, кимнинг тортилган (амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир.
9
Ва кимнинг тортилган (амаллари) енгил келса, бас, ана ўшалар Бизнинг оятларимизга зулм қилиб, ўзларига зиён этганлардир.
10
Батаҳқиқ, Биз сизларга ер юзида имкон бердик ва унда маишат (воситалари) қилдик. Жуда оз шукр этарсизлар.
11
Ва батаҳқиқ, Биз сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик. Сўнгра эса, фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», дедик. Бас, улар сажда қилдилар. Магар Иблис сажда қилувчилардан бўлмади.
12
У зот: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. У: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди. (Аллоҳ таоло Ўз амрини бажармаган, Одамга сажда қилмаган Иблисдан: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деб сўраганида, у «тавба қилдим, хато қилибман» дейиш ўрнига: «Мен ундан (яъни, Одамдан) яхшиман, мени ўт (олов)дан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди. Яъни, Аллоҳнинг очиқ-ойдин фармони туриб, ўзининг фикрини ишлатди. Аллоҳнинг амри турганда, қачон фикрбозликлар бошланса, Иблиснинг иши қилинган бўлади. Бунинг оқибати Иблиснинг оқибатига ўхшаш бўлади. Иблиснинг оқибати эса, қуйидаги оятда баён қилинади:)
13
У зот: «Бас, ундан (жаннатдан) туш! Сен учун унда мутакаббирлик қилиб юриш йўқ. Бас, чиқ! Албатта, сен хору зор бўлгувчилардансан», деди.
14
У: «Менга улар қайта тирилтириладиган кунгача муҳлат бер», деди.
15
У зот: «Албатта, сен муҳлат берилганлардансан», деди.
16
У: «Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни Тўғри йўлингда тўсиб ўтираман».
17
Сўнгра уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмссан», деди.
18
У зот: «Ундан мазамматга учраган ва қувилган ҳолингда чиқ!!! Улардан ким сенга эргашса, албатта, жаҳаннамни сизларнинг ҳаммангиз билан тўлдираман», деди. (Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнг фаришталарни унга сажда қилишга буюргани, улар сажда қилгани, аммо ёлғиз Иблис алайҳи лаъна сажда қилмаганини зикр қилгандан сўнг, Иблис билан бу борада бўлган муколама келтирилди. Бинобарин, Иблисни жаннатдан қувиб юборди.)
19
Эй Одам, сен жуфтинг билан жаннатни маскан тут. Икковингиз хоҳлаган жойингиздан енг. Аммо мана бу дарахтга яқинлашманглар. Унинг сабабидан золимлардан бўлиб қолманглар.
20
Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: «Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди», деди.
21
Уларга: «Албатта, мен сизларга насиҳат қилувчиларданман», деб қасам ичди.
22
Бас, уларни алдов ила паст(ҳолат)га туширди. Икковлари дарахтдан татиб кўришганда, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар. Шунда Роббилари уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди.
23
Икковлари: «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз», дедилар.
24
У зот: «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар. Сизларга ер юзида қароргоҳ бор ва маълум вақтгача фойдаланиш бор», деди.
25
У зот: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар», деди.
26
Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар. (Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай–либосни ўз ўрнида, яъни, шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос–тақво либоси.)
27
Эй Одам болалари, шайтон ота-онангизни ўзларига авратларини кўрсатиш учун устларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг ёрдамчилари сизни сиз кўрмайдиган томондан кўради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз. (Шайтон инсониятнинг ота-онаси Одам ато ва Момо Ҳавони қандай фитнага солгани юқоридаги оятлардан маълум бўлди. У Одам ато ва Момо Ҳавони гуноҳга чорлаб яланғоч қилди ва жаннатдан чиқаришга муяссар бўлди. Одам болалари бу ҳодисани зинҳор унутмасликлари зарур. Акс ҳолда, шайтон уларни ҳам шармандаларча яланғочлаб, жаннатдан маҳрум этади.)
28
Улар қачон фоҳиша иш қилсалар: «Ота-боболаримиз ушбуни қилаётганини кўрдик. Буни бизга Аллоҳ буюрган», дерлар. сен: «Аллоҳ, албатта, фаҳш ишларга буюрмас. Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсангизни айтасизми?!» дегин.
29
Сен: «Роббим адолатга амр қилди. Ҳар бир ибодатда юзингизни тўғри тутинг. Унинг динига ихлос этган ҳолда дуо қилинг. Сизларни аввалда қандай яратган бўлса, ўша ҳолда қайтарсизлар», деб айт.
30
Бир гуруҳни ҳидоят қилди. Бошқа гуруҳга йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Аллоҳни қўйиб шайтонларни ўзларига дўст тутдилар. Ҳамда ўзларини, албатта, ҳидоят топганлар, деб ҳисоблайдилар. (Ҳатто Пайғамбарлар, авлиё ва солиҳ бандалар ҳам шайтон васвасасидан саломат қолмаганлар. Аммо улар доимо яхшиликни ихтиёр қилганлари, ёмонликдан қочганликлари учун Аллоҳ ҳидоятига сазовор бўлганлар. Хатокорларни ҳам биров мажбур қилиб ёки зўрлаб йўлдан оздиргани йўқ, шайтон фитнаси шу ҳолга туширди. Икки гуруҳ ҳам Аллоҳ ҳузурига қайтадилар.)
Sonraki 30 ayet →