Ana SayfaMealler › M.Yusuf
MY

M.Yusuf

M.Yusuf
M.Yusuf meali ile okumaya başla
Fatır 1 / 45
1
Ҳамду сано осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга бўлсин. У зот махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қиладир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Фаришталар Аллоҳ яратган ўзига хос зотлардир. Бу оятда улар икки, уч, тўрт қанотли бўлишлари ҳақида гап кетмоқда.)
M.Yusuf 35:1
2
Аллоҳ одамларга не раҳматни очса, бас, уни тутиб қолгувчи бўлмас. У зот тутиб қолган нарсани Ундан кейин қўйиб юборгувчи бўлмас. У зот азизу ҳакиймдир. (Аллоҳ берган неъматини биров ман қила олмайди. Шунинг учун хотирни жам қилиш керак. Аллоҳга иймон келтириб, кўрсатган йўлдан юриш лозим.)
M.Yusuf 35:2
3
Эй одамлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг! Аллоҳдан бошқа сизларга осмон ва ердан ризқ берадиган холиқ борми? Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён кетмоқдасиз?!
M.Yusuf 35:3
4
Агар сени ёлғончига чиқарсалар, бас, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар ёлғончи қилинганлар. Барча ишлар Аллоҳга қайтарилур.
M.Yusuf 35:4
5
Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бу дунё ҳаёти сизларни ғурурга кетказмасин. Сизларни ўта ғурурга кетказгувчи Аллоҳ ҳақида алдаб қўймасин. (Шайтон одамларни ўта ғурурга кетказади ва алдайди. Яъни, ҳеч нарсага парво қилма, Аллоҳнинг Ўзи кечиргувчи, деб одамларни гуноҳ ишларга чорлайди. Аллоҳ таолонинг авф этиши ва мағфират қилишини суистеъмол этиб, Аллоҳ Ўзи кечирар, деб ҳар хил гуноҳларга қўл уравериш нақадар ёмон шайтоний иш эканини эсдан чиқармаслик зарур.)
M.Yusuf 35:5
6
Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради. (Шайтоннинг инсонга душманлик қилишига ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин ажабланарлиси шуки, инсон шайтонни ўзига дўст тутиб юради. Шайтон ўзининг энг катта душмани эканини кўра била туриб, унинг айтганини қилади. Унинг иғвосига учади, ёлғонига алданади.)
M.Yusuf 35:6
7
Куфр келтирганларга шиддатли азоб бордир. Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улкан ажр бордир.
M.Yusuf 35:7
8
Ахир, қилган ёмон амали ўзига зийнатлаб кўрсатилиб, уни гўзал деб билган одам?! Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кимсани залолатга кетказур, хоҳлаган кимсани ҳидоятга солур. Бас, уларга жонинг ҳасрат-ла ачинмасин. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини яхши билгувчидир. (Шайтоннинг малайига айланган одамга ўзининг ҳар бир ёмон иши зийнатли кўринади. У ўзидан ўзи ажабланиб, қилган иши ўзига зўр кўринган сари ҳаддан ошиб бораверади.)
M.Yusuf 35:8
9
Аллоҳ шамолларни юборган зотдир. Бас, улар булутни қўзғатур. Биз уни ўлик юрт томон ҳайдаб, у билан ерни ўлиб ётганидан кейин тирилтирамиз. Тирилиш ҳам шунга ўхшашдир.
M.Yusuf 35:9
10
Кимки иззат истаса, бас, барча иззат Аллоҳникидир. Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни. Макр ила ёмонликлар қилганларга шиддатли азоб бордир. Ана ўшаларнинг макри ботил бўлур. (Хуш калом–калимаи шаҳодат, «алҳамдулиллоҳ», «субҳаналлоҳи», «Аллоҳу Акбар» ва зикр, дуо, тиловат ҳамда барча яхши гап-сўзлардир. Ана ўша хуш каломгина Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади.)
M.Yusuf 35:10
11
Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин жуфт-жуфт қилиб қўйди. Қайси бир урғочи нимага ҳомиладор бўлса, нимани туғса, фақат Унинг илми билан бўлур. Ҳар бир умр кўргувчига умр берилиши ёки унинг умрининг қисқартилиши албатта китобда бордир. Албатта, бу Аллоҳга осондир. (Жон, ҳаёт деб номланган бу нарсанинг асли қандай, моҳияти нима, билиб бўлмайди. Буни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ушбу ҳақиқатни инсоф билан тааммул қилган ҳар бир инсон Аллоҳга иймон келтириши керак.)
M.Yusuf 35:11
12
Дарё-денгиз иккиси тенг бўла олмас. Буниси тотли, чанқоқ босар, ичиш осондир. Буниси эса шўр, тахирдир. Сиз ҳар биридан тоза гўшт ейсиз ва тақинчоқ чиқариб тақурсиз. Ва Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун у(сув)ни ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. Шоядки, шукр қилсангиз. (Аллоҳнинг қудратини сув оламида ҳам яққол кўрса бўлади. Дарё-денгизларда Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи кўплаб оят-белгилар бўлиши турган гап. Албатта, денгиз ва дарёлар, улардаги тоза гўшт, тақинчоқ ва бошқа неъматлар, улар узра кема билан сузиб тижорат ва бошқа мақсадлар йўлида фойдаланиш инсон учун Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлиб, уларга шукр қилиш лозим. Иймонсиз эса, ношукр бўлади.)
M.Yusuf 35:12
13
У зот кечани кундузга, кундузни кечага киритур, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйгандир. Ҳар бири белгиланган муддатгача юрадир. Ана шу Аллоҳ–Роббингиздир. Мулк Уникидир. Ундан ўзга илтижо қилаётганларингиз эса, данак пўстлоғига ҳам молик эмаслар. (Арабларда ҳеч нарсага арзимас ва қадрсиз нарсани хурмо данаги устидаги ўта юпқа пўстлоққа ўхшатиш одати бор. Қуръони Карим ҳам оятларни илк қабул қилиб олаётган шу халқнинг зеҳнига осон ўрнаштириш учун мазкур ўхшатишдан фойдаланиб, мушриклар ўзларича ибодат этиб юрган сохта худолари ўша хақир пўстлоқча нарсага ҳам молик эмасликларини таъкидламоқда. Улар ҳеч нарсага эга эмаслар, уларнинг ҳукми ҳеч жойда ўтмайди, дейилмоқда.)
M.Yusuf 35:13
14
Агар уларга дуо қилсангиз, дуоингизни эшитмаслар. Гап эшитсалар ҳам, сизга жавоб бера олмаслар. Қиёмат куни эса, сизнинг уларни ширк келтирганингизни инкор этурлар. Ўта хабардор зотдек ҳеч ким сенга хабар бера олмас.
M.Yusuf 35:14
15
Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, Ўзи беҳожат ва мақталган зотдир.
M.Yusuf 35:15
16
Агар У зот хоҳласа, сизни кетказиб, янги бир халқни келтирур.
M.Yusuf 35:16
17
Ва бу Аллоҳ учун қийин эмас.
M.Yusuf 35:17
18
Ўзи юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтара олмас. Юки оғир жон ўз юкига (бошқани) чақирса-да, ундан ҳеч бир нарса кўтарилмас. Гарчи (чақирилган) қариндош бўлса ҳам. Сен фақат ғайбдаги Роббиларидан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этганларни огоҳлантирурсан. Ким покланса, Ўзи учун покланур. Қайтиш Аллоҳгадир. (Қиёмат кунида гуноҳи кўп жон уни енгиллатиш мақсадида энг яқин қариндошини ёрдамга чақирса ҳам, унинг гуноҳидан бирор нарса кўтарилмайди. Чунки яқин қариндошнинг ўзи юкини кўтара олмай хуноб бўлаётган бўлади. Кофир ҳам, мўмин ҳам фақат Аллоҳга қайтади. Бошқага эмас. Ана ўшанда Аллоҳ таоло ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Кофир ва осий жазосини, мўмин-мусулмон мукофотини олади.)
M.Yusuf 35:18
19
Кўр билан кўзи очиқ тенг бўлмас.
M.Yusuf 35:19
20
Зулумотлар билан нур ҳам.
M.Yusuf 35:20
21
Соя билан жазирама ҳам.
M.Yusuf 35:21
22
Тириклар билан ўликлар тенг бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кимсага эшиттирур. Сен қабрлардаги кимсаларга эшиттиргувчи эмассан. (Иймон ҳаётдир. Куфр ўлимдир. Мўминлар тириклардир, кофирлар ўликлардир. Тириклар билан ўликлар тенг бўлмаганидек, мўминлар билан кофирлар ҳам тенг бўлмайдилар.)
M.Yusuf 35:22
23
Сен фақат огоҳлантиргувчисан, холос.
M.Yusuf 35:23
24
Албатта, Биз сени ҳақ ила хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик. Қайси бир умматки бўлса, унда огоҳлантиргувчи бўлган. (Эй Пайғамбар, албатта, Биз сени ҳақ дин ва ҳақ китоб ила мўминларга хушхабарчи, кофирларга огоҳлантирувчи–қўрқитувчи қилиб юбордик. Сенинг Пайғамбар бўлишинг ажабланарли иш эмас, янгилик ҳам эмас.)
M.Yusuf 35:24
25
Агар сени ёлғончи қилсалар, бас, батаҳқиқ, улардан олдин ўтганлар ҳам ёлғончи қилганлар. Ҳолбуки, Пайғамбарлари уларга равшан мўъжизалар, саҳифалар ва нурли китоб келтирган эдилар. (Сени ҳам, ўтган Пайғамбарларни ҳам инкор этишга кофирларнинг ҳақлари йўқ эди. Ўша Пайғамбарлар ўзларининг ҳақ Пайғамбар эканликлари тасдиғи сифатида Аллоҳ томонидан равшан, очиқ-ойдин мўъжизалар кўрсатган эдилар. Баъзилари илоҳий китоб даражасига етмаган саҳифалар, баъзилари нурли китоб келтирган эди.)
M.Yusuf 35:25
26
Сўнгра куфр келтирганларни тутдим. Бас, Менинг инкорим қандоқ бўлди?!
M.Yusuf 35:26
27
Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингми? Бас, у ила турли ранглардаги меваларни ва тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик.
M.Yusuf 35:27
28
Шунингдек, одамлардан, ҳайвонлардан ва чорвалардан ҳам турли ранглардагиларини чиқардик. Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли зотдир. (Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузулиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларини тўлиқ ўрганиб, уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.)
M.Yusuf 35:28
29
Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар.
M.Yusuf 35:29
30
Чунки У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир.
M.Yusuf 35:30