Ana SayfaMealler › M.Yusuf
MY

M.Yusuf

M.Yusuf
M.Yusuf meali ile okumaya başla
Sebe 1 / 54
1
Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир. Ва У ўта ҳикматли, ўта хабардор зотдир.
M.Yusuf 34:1
2
У ерга нима кирса ва ундан нима чиқса, биладир, осмондан нима тушса ва унга нима чиқса, биладир. Ва У ўта раҳмли ва ўта мағфиратли зотдир.
M.Yusuf 34:2
3
Куфр келтирганлар: «Бизга (қиёмат) соати келмас», дедилар. Сен: «Йўқ! Ғойибни билгувчи Роббим ила қасамки, у сизларга албатта келур. У зотдан осмонлару ердаги зарра вазнича, ундан кичик нарса ҳам, катта нарса ҳам ғойиб бўлмас. Илло, ҳаммаси очиқ китобдадир», деб айт.
M.Yusuf 34:3
4
Иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларни мукофотлаш учун. Ана ўшаларга, мағфират ва гўзал ризқ бордир. (Қиёмат қоим бўлиши заруратдир. Бу дунёда иймон келтириб, ўша эътиқод тақозоси ила жонининг роҳатидан кечиб, куч-қувват, зеҳн-заковат ва пул-мол сарфлаб яхши амалларни қилганлар бор. Улар бу дунёнинг ўзида яхши ишлари учун мукофотларини тўла олмасликлари мумкин. Шунинг учун ҳам: «Иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларни мукофотлаш учун» қиёмат қоим бўлиши заруратдир.)
M.Yusuf 34:4
5
Бизнинг оятларимизни ожиз қолдиргувчи бўлиш учун ҳаракат қилганларга эса, ана ўшаларга, аламли жазодан иборат азоб бордир.
M.Yusuf 34:5
6
Илм берилганлар сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани айни ҳақ деб ва азиз ва мақталган зотнинг йўлига ҳидоят қилур деб билурлар. (Барча ҳақиқий илм соҳиблари сенга, эй Пайғамбар, Роббингдан нозил қилинган Қуръон ҳамманинг устидан ғолиб ва ҳамма томондан мақталган зотнинг–Аллоҳ таолонинг йўлига ҳидоят қилади деб биладилар.)
M.Yusuf 34:6
7
Куфр келтирганлар эса: «Сизларга бутунлай титилиб битган чоғингизда албатта янгитдан яратилишингиз хабарини бераётган кишини кўрсатайликми?!
M.Yusuf 34:7
8
У Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқидими ёки жинни бўлиб қолдими? « дедилар. Йўқ! Охиратга иймон келтирмайдиганлар азобда ва йироқ залолатдадирлар.
M.Yusuf 34:8
9
Ахир, улар осмону ердаги, олдиларидаги нарсаларни, ортларидаги нарсаларни кўрмайдиларми?! Агар хоҳласак, уларни ерга ютдириб юборурмиз ёки устларига осмондан парчалар туширурмиз. Албатта, бунда (Аллоҳга) қайтгувчи ҳар бир банда учун оят-белги бордир. (Охиратдаги қайта тирилишни инкор этаётган кофирлар, осмону ердаги, олдиларию ортларидаги нарсаларни кўрмайдиларми? Уларнинг тўрт тарафида Аллоҳ таоло ўлганларни қайта тирилтиришга қодир эканига, ҳужжатлар тўлиб ётибди-ку! Агар ақллари ишламаётган бўлса, кўзларини очиб, ҳушларини жойига келтириб қўйишимиз мумкин.)
M.Yusuf 34:9
10
Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик. «Эй тоғлар, у билан бирга (тасбиҳни) қайтар ва қушлар ҳам», (дедик). Ва унга темирни юмшоқ қилдик. (Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирни хамирдек юмшоқ қилиб берган эди. У киши темирни оловга солиб тобламасдан ҳам, болға билан урмасдан ҳам, нимани хоҳласалар, қўллари билан шуни ясай олар эдилар.)
M.Yusuf 34:10
11
Ва унга: «Совутлар қилгин ва бичимини ўлчовли қил. Солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни яхши кўриб тургувчиман», дедик.
M.Yusuf 34:11
12
Ва Сулаймонга шамолни (бердик). У(шамол)нинг эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булоғини оқизиб қўйдик ва жинлардан Роббининг изни ила унинг ҳузурида ишлайдиганлари бор эди. Улардан ким амримиздан чиқса, унга қаттиқ олов азобини тотдирамиз. (Сулаймон алайҳиссаломга берилган ўша шамол бир кундузда икки ойлик йўлни юриб қўяр эди. У киши мисдан қийинчиликсиз хоҳлаган нарсаларини ясайдиган бўлдилар.)
M.Yusuf 34:12
13
У(жин)лар унга меҳроблар, ҳайкаллар, ҳовузлар каби лаганлар ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди. Эй Оли Довуд, шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир.
M.Yusuf 34:13
14
Қачонки, Биз у(Сулаймон)га ўлимни ҳукм этганимизда, уларга унинг ўлими ҳақида асосини еяётган ёғоч қуртидан бошқа ҳеч бир нарса далолат қилмади. Қачонки, у йиқилганда, жинларга, агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди. (Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонларини у киши жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига суяниб турганларида олган. Жинлар эса, Сулаймон кузатиб турибди, деб ишларида давом этаверганлар. Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони маълум миқдорда еганидан кейин асо жойидан сурилган ва Сулаймоннинг алайҳиссалом жуссалари ерга йиқилган. Жинлар шундагина, ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етганлар.)
M.Yusuf 34:14
15
Батаҳқиқ, сабаъликлар учун ўз масканларида оят-белги бор эди–ўнг ва чапдан икки боғ бор эди. «Роббингиз ризқидан енг ва Унга шукр қилинг! Не гўзал юртингиз ва ўта мағфиратли Роббингиз (бор)», (дедик). (Сабаъликлар Яман жанубида яшаб ўтган қавмдир. Боболари Сабаъ ибн Яхшаб ибн Қахотон исми билан «Сабаъ қавми», «сабаъликлар», деб номланганлар. Улар жуда ҳам ҳосилдор ерга эга бўлганлар. Сулаймон алайҳиссалом билан қиссаси ўтган малика ҳам шу юртдан бўлган. Оятда ўша қавм ҳақида хабар берилмоқда.)
M.Yusuf 34:15
16
Улар юз ўгирдилар. Бас, Биз устларига арим селини юбордик ва уларнинг икки боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва бир озгина сидрли икки «боғ»га айлантирдик. («Арим» сўзи, катта тошларни оқизиб келадиган кучли сел, деган маънони билдиради. «Сидр» бутасиймон дарахт бўлиб, Арабистонда ўсади. Бироз меваси ҳам бўлади.)
M.Yusuf 34:16
17
Уларни ношукрлик қилганлари учун ана шундоқ жазоладик. Биз фақат ўта ношукрларгагина жазо берурмиз.
M.Yusuf 34:17
18
Биз улар билан Ўзимиз баракали қилган шаҳарлар орасида кетма-кет қишлоқлар қилиб, улар орасидаги юришни ўлчовли этиб қўйган ва «Уларда кечалар ҳам, кундузлар ҳам омонлик-ла юраверинг» (деган эдик). (Аллоҳ таоло сабаъликлар билан ўзи баракотли қилган Макка, Мадина, Қуддус каби шаҳар-қишлоқлар орасидаги йўлларда қишлоқлар бино қилиб қўйган эди. Сабаъдан йўлга чиққанлар қийналмасдан қишлоқлар орқали манзилларига бемалол етиб олар эдилар.)
M.Yusuf 34:18
19
Улар: «Эй Роббимиз, сафарларимиз орасини узоқ қил!» дедилар ва ўзларига зулм қилдилар. Бас, Биз уларни ҳикояларга айлантирдик ва бутунлай парча-парча қилиб ташладик. Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрли учун оят-белгилар бордир.
M.Yusuf 34:19
20
Батаҳқиқ, иблис улар ҳақидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, фақат бир гуруҳ мўминлардан бошқалари унга эргашдилар.
M.Yusuf 34:20
21
Ҳолбуки, унинг улар устидан ҳеч бир ҳукумронлиги бўлмас эди. Магар, Биз охиратга иймон келтирадиганни, унда (охиратда) шаки бордан айришимиз учун бўлди. Роббинг ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчидир. (Иблисда одамларни ўз йўлига мажбур қилиб юритиш учун имкон ҳам, ҳукумронлик ҳам йўқ. Унинг иғвоси ва васвасаси ҳам ўз-ўзидан таъсир қилавермайди. Аллоҳ таоло фақат охиратга иймони борларни иймони йўқлардан айириш ҳамда охиратга шак-шубҳа билан қарайдиганларни алоҳида кўрсатиш учун шу йўлни ишга солди, холос. Бўлмаса, Аллоҳ таоло кимнинг қандайлигини азалдан яхши билар эди.)
M.Yusuf 34:21
22
Сен: «Аллоҳдан ўзга гумон қилган (илоҳларингизга) дуо қилаверинглар-чи?! Улар осмонлару ерда зарра вазнича нарсага молик эмаслар. Уларга бу(икки)ларида шериклик ҳам йўқ. Ва У зотга улардан бирорта ёрдамчи ҳам йўқ«, деб айт.
M.Yusuf 34:22
23
У зотнинг ҳузурида фақат Ўзи изн берганлардан бошқанинг шафоати манфаат бермас. Токи қалбларидан қўрқинч кетгач: «Роббингиз нима деди?» дерлар. «Ҳақни», дерлар. У олий ва буюк зотдир. (Қиёмат куни ҳамма ўзи билан овора бўлади. Ҳатто, улуғ Пайғамбарлар ҳам, фаришталар ҳам бирор нарса дейишга тортиниб қоладилар. Бировга шафоатчилик борасида оғиз оча олмайдилар. Шафоат қилишга Аллоҳ таолонинг ўзи изн бериб, шароит яратиб бермагунча қўрқинч ичида чурқ этмай турадилар.)
M.Yusuf 34:23
24
Сен: «Сизга осмонлару ердан ким ризқ берур?» деб айт. «Аллоҳ. Албатта, биз ёки сиз ҳидоятда ёхуд очиқ-ойдин залолатдадирмиз».
M.Yusuf 34:24
25
Сен: «Сизлар биз қилган жиноятдан сўралмассиз, биз эса сиз қилган амалдан сўралмасмиз», деб айт.
M.Yusuf 34:25
26
Сен: «Роббимиз бизларни жамлар, сўнгра ҳақ ила орамизни очиқ қилур. У ўта очгувчи ва ўта билгувчидир», деб айт.
M.Yusuf 34:26
27
Сен: «У зотга шериклар қилиб тиқиштирганларингизни менга кўрсатинг. Йўқ! Фақат азиз ва ҳаким бўлган Аллоҳгина бордир», деб айт.
M.Yusuf 34:27
28
Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар.
M.Yusuf 34:28
29
Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон бўлур?» дерлар. (Кофирлар, эй Пайғамбар, эй мўминлар, агар сизлар бизни қўрқитиб, албатта қиёмат бўлади, деб бераётган ваъдангизда ростгўй бўлсангиз, айтинг-чи, бу ваъда қачон рўёбга чиқади, дейдилар.)
M.Yusuf 34:29
30
Сен: «Сизга бир куннинг ваъдаси бор. Ундан бир он ортга ҳам қола олмассиз, олдин ҳам кета олмассиз», деб айт. (Сизга ваъда қилинган кун қиёмат кунидир. Унинг ваъдаси бор. У ваъда албатта амалга ошади. Ундан сиз қочиб қутила олмайсиз. Бир онки, уни ортга ҳам, олдга ҳам сура билмайсиз. У айни берилган вақтида бўлади.)
M.Yusuf 34:30