Ana SayfaMealler › M.Yusuf
MY

M.Yusuf

M.Yusuf
M.Yusuf meali ile okumaya başla
Ahzab 1 / 73
1
Эй Набий! Аллоҳга тақво қил ва кофиру мунофиқларга итоат этма! Албатта, Аллоҳ ўта олим ва ўта ҳикматли зотдир.
M.Yusuf 33:1
2
Ва ўзингга Роббингдан ваҳий қилинаётган нарсага эргаш. Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардордир.
M.Yusuf 33:2
3
Ва фақат Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳ кофийдир.
M.Yusuf 33:3
4
Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир. Ўзларингиз зиҳор қилаётган хотинларингизни сиз учун она ҳам қилган эмас ва асранди болаларингизни сизга фарзанд ҳам қилган эмас. Буларингиз оғзингиз билан айтган гапларингиздир. Аллоҳ эса ҳақни айтур ва У тўғри йўлга ҳидоят қилур. (Бу оятда жоҳилият тузумининг учта ҳукми ҳақида сўз кетмоқда. Булар: ақлли ва зийрак кишиларнинг қалби иккита бўлади, деган тасаввур; ким хотинидан зиҳор қилса, хотини онаси бўлиб қолади, деган ақида; ким бирор болани асраб олса, ўз сулбидан бўлган боланинг ўрнида ўтади, деган ҳукм. Бу уч ҳукмга кофир ва мунофиқлар тўла ишонишар ва амал қилишар эди. Шу билан бирга, мўмин-мусулмонларнинг ҳам бу ҳукмларига итоат этишларини талаб қилишарди. Мана шу оят мусулмонлар олдига Аллоҳга тақво қилиш, у юбораётган ваҳийга эргашиш, фақат Яратганнинг ўзига суяниш ва кофиру мунофиқларга эргашмаслик вазифасини амалий равишда қўйди.)
M.Yusuf 33:4
5
Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ. Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир.
M.Yusuf 33:5
6
Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса, уларнинг оналаридир. Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан ҳақлидирлар. Фақат дўстларингизга яхшилик қилмоғингиз мустаснодир. Бу Китобда сатрлар ила битилмиш. (Пайғамбарнинг мўминлар учун тутган ўрни шунчалик улуғки, у асраб олган отадан ҳам, сулбий отадан ҳам, ҳатто ҳар бир мўминнинг ўз нафсидан ҳам юқори даражададир. Унинг бу даражаси доимий ва боқийдир. Пайғамбар (с. а. в.) ҳар бир нарсада мўминлар учун ҳатто ўзларидан ҳам устун мақомдадир.)
M.Yusuf 33:6
7
Набийлардан аҳду паймонларини олганимизни эсла! Сендан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусодан ва Ийсо ибн Марямдан ҳам. Биз улардан салмоқли аҳду паймон олдик.
M.Yusuf 33:7
8
(Буни Аллоҳ) содиқлардан садоқатлари ҳақида сўраш учун қилди. Ва кофирларга аламли азобни тайёрлаб қўйди. (Ушбу ояти каримадаги «содиқлар» кимлар эканлиги ҳақида тафсирчи уламоларимиз икки хил фикр айтганлар. Бир гуруҳи, содиқлар Пайғамбарлардир, деган. Иккинчи бир гуруҳи эса, содиқлар Пайғамбарларга содиқ бўлган мўминлардир, деб айтган. Аслида, бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади.)
M.Yusuf 33:8
9
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Ўшанда устингизга лашкарлар келган эди. Бас, Биз уларнинг устига шамолни ва сиз кўрмаган лашкарларни юбордик. Аллоҳ нима қилаётганингизни яхши кўриб тургувчи эди. (Ўша пайтда устингизга аҳзоб–Қурайш ўзининг одамлари ва малайлари билан ҳамда Ғатафоннинг турли қабилалари бирлашиб, бостириб келишган эди. Улар сизларни бутунлай йўқ қилиб юбориш мақсадида эдилар.)
M.Yusuf 33:9
10
Ўшанда улар сизнинг уст ва қуйи томонингиздан келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, жонлар ҳалқумга келган эди ва Аллоҳ ҳақида турли гумонлар қилардингиз.
M.Yusuf 33:10
11
Ана шунда мўминлар синовга дучор бўлдилар ва шиддатли ларзага тушдилар. (Дарҳақиқат, мусулмонлар қуршов ичида қолдилар. Улар шаҳар атрофида ҳандақ қазиб, ҳимояланишди. Бунинг устига, яҳудий қабиласи Бани Қурайза хиёнат қилиб, аҳдни бузди, душманга қўшилиб кетди.)
M.Yusuf 33:11
12
Ўшанда мунофиқлар ва қалбларида касаллик борлар: «Аллоҳ ва Унинг Расули бизга ёлғондан бошқани ваъда қилмаган экан», дердилар. (Улар, Расулуллоҳдан (с. а. в.) изн сўрамай, сафарбарликдан кетиб қолганлари ҳам етмаганидек, мўминлар ичига ғулғула солдилар.)
M.Yusuf 33:12
13
Ўшанда улардан бир тоифаси: «Эй Ясриб аҳли, бу ерда сизга туриш имкони йўқ. Бас, қайтинглар», деди. Улардан бир гуруҳлари Набийдан изн сўраб: «Уйларимиз очиқ-сочиқ қолган», дейдилар. Ҳолбуки, улар очиқ-сочиқ эмас. Улар қочишдан бошқани ирода қилмаслар.
M.Yusuf 33:13
14
Агар уларнинг устига у (Мадина)нинг ҳар тарафидан бостириб кирилса, сўнгра улардан фитна талаб қилинса, албатта, уни қилурлар. Ҳеч кечикмаслар. Магар озгинагина. (Яъни, ўша мунофиқ ва иймони заифларнинг устига душман Мадинанинг ҳар томонидан бостириб кириб, фитнани –диндан қайтиш ва мусулмонларга қарши урушишни талаб этса, дарҳол ўша ишни қилар эдилар.)
M.Yusuf 33:14
15
Ҳолбуки, улар бундан олдин ортга қараб қочмасликка Аллоҳга аҳд берган эдилар. Аллоҳга аҳд эса, масъулият бўлгандир. (Кетиш учун ёлғон тўқиган Авс ибн Қайзийнинг қабиласи Бани Ҳорисадир. Уҳуд урушида ҳам ортга қочмоқчи бўлган эдилар.)
M.Yusuf 33:15
16
Сен: «Қочиш сизга ҳеч қандай фойда бермас. Демак, агар ўлимдан ёки қатл бўлишдан қочсангиз ҳам, жуда оз ҳузурланасиз, холос», деб айт.
M.Yusuf 33:16
17
Сен: «Агар сизга Аллоҳ ёмонликни ирода қилса ёки сизга раҳматни ирода қилса, сизларни ундан тўсадиган ким бор?!» деб айт. Улар ўзларига Аллоҳдан ўзга дўст ва ёрдам бергувчи топа олмаслар.
M.Yusuf 33:17
18
Батаҳқиқ, Аллоҳ ичингиздаги (жиҳодга) тўсиқлик қилгувчиларни ҳам ва ўз биродарларига: «Биз томон келинг», деювчиларни ҳам билур. Улар жангга келмаслар, илло, озгина келурлар.
M.Yusuf 33:18
19
Сизларга нисбатан бахиллик қилган ҳолларида (келурлар). Бас, хавф келган чоғда уларнинг сенга ўлим талвасасидаги кишига ўхшаб, кўзлари айланиб назар солишларини кўрасан. Бас, хавф кетганда эса, яхшиликка очкўзлик қилиб, сизларга ўткир тиллар ила озор берурлар. Ана ўшалар иймон келтирмаганлардир. Бас, Аллоҳ амалларини беҳуда кетказди. Бу эса, Аллоҳ учун осон эди. («Ана ўшалар» мўмин-мусулмонларга қўшилиб, сафарбарликка чиқадиганларнинг жиҳодга бўлган шаштини пасайтирадиган, урушга озгинасигина келадиган, хавф келганда мусулмонлар раҳбарига худди, ўлимимга сен сабабсан, дегандек назар соладиган, хавф кетганда, ўлжа талашиб уришадиган, иймон келтирмаган одамлардир.)
M.Yusuf 33:19
20
Улар аҳзобларни кетмаган деб ҳисобларлар. Агар аҳзоблар яна келсалар, улар аъробийлар ичида, чўлда бўлиб, сизнинг хабарингизни сўраб туришни орзу қилурлар. Агар сизнинг ичингизда бўлганларида ҳам, камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар. (Кофир гуруҳларнинг мусулмонларга ҳеч бир зарар етказа олмай, қайтиб кетганлари мунофиқларнинг тасаввурига сиғмайди.)
M.Yusuf 33:20
21
Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан, Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Салмони Форсийнинг (р. а.) фикрларини қабул этиб, ҳандақ қазишни бошладилар. У зот (с. а. в.) шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар.)
M.Yusuf 33:21
22
Мўминлар аҳзобларни кўрганларида: «Бу бизга Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзларлар», дедилар. Бу уларга иймон ва таслимдан бошқа нарсани зиёда этмади. (Яъни, кофирларнинг аҳзоб бўлиб, сонсиз-саноқсиз ададда устларига бостириб келишлари мўминларга иймондан ва Аллоҳ таолога бутунлай ўзларини топширишдан бошқани зиёда қилмади. Уларнинг иймон-эътиқодлари ва мусулмончиликлари яна ҳам кучайди. Ҳа, иймон келтирган, мусулмон бўлган одамлар ана шундай одамлардир.)
M.Yusuf 33:22
23
Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар.
M.Yusuf 33:23
24
Аллоҳ содиқларни садоқатлари сабабидан мукофотлаш учун ва мунофиқларни Аллоҳ хоҳласа, азоблаши ёки тавбасини қабул қилиши учундир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир.
M.Yusuf 33:24
25
Ва Аллоҳ куфр келтирганларни ғазаблари ила ортларига қайтарди. Улар ҳеч бир яхшиликка эриша олмадилар. Мўминлар учун урушда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилди. Ва Аллоҳ кучли ва азиз зотдир.
M.Yusuf 33:25
26
Ва У зот уларга ёрдам берган аҳли китоблардан бўлганларни қўрғонларидан туширди ва қалбларига қўрқинч солди. Бир гуруҳини ўлдирурсизлар ва бир гуруҳини асир олурсизлар. (Кофирлар аҳзобига ёрдам берган аҳли китоблар яҳудийлардир. Яна ҳам аниқроғи, яҳудийларнинг Бани Қурайза қабиласидир. Аҳзоб урушини қўзғаганлар Ҳайй ибн Ахтоб бошлиқ Бани Назир яҳудийлари эди. Шунингдек, улар Бани Қурайза қабиласининг хиёнатларига сабаб ҳам бўлдилар.)
M.Yusuf 33:26
27
Ва сизларга уларнинг ерини, ҳовли-жойларини, молу мулкларини ва қадамингиз етмаган ерни мерос қилиб берди. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир зотдир.
M.Yusuf 33:27
28
Эй Набий, жуфти ҳалолларингга: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш ила бўшатиб қўяй.
M.Yusuf 33:28
29
Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган», деб айт. (Ушбу икки ояти кариманинг нозил қилинишига Расули Акрам (с. а. в.) билан у кишининг тоҳира аёллари орасида ўтган ҳодиса сабаб бўлган. Ушбу икки оятдаги буйруққа биноан Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳар бир аёлларига ёки бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатини, ёки Аллоҳ, унинг Расули ва охиратни ихтиёр қилишини сўраб чиқишлари керак эди. У зоти бобаракот бу ишни Ойиша онамиздан бошладилар. Расулуллоҳ (с. а. в.) Ойиша онамизга: «Мен сенга бир ишни айтаман. Шошилмасдан, ота-онанг билан маслаҳат қилиб жавоб бергин», дедилар. Ойиша онамиз: «У қандай нарса?» дедилар. Пайғамбар (с. а. в.): «Эй Пайғамбар, жуфти ҳалолларингга...» оятини ўқиб бердилар. Ойиша онамиз: «Сиз ҳақингизда ота-онам билан маслаҳат қиламанми?! Йўқ! Мен Аллоҳни ва Унинг Расулини ихтиёр қиламан, дедилар. Кейин Расулуллоҳ (с. а. в.) барча жуфти ҳалолларига икки ихтиёрдан бирини танлашга изн бердилар, ҳаммалари Ойиша онамиз танлаган тарафни танладилар.)
M.Yusuf 33:29
30
Эй Набийнинг аёллари! Сиздан ким очиқ гуноҳ қилса, унга бериладиган азоб икки марта кўпайтирилур. Бу эса, Аллоҳ учун осон бўлган ишдир.
M.Yusuf 33:30