Ana SayfaMealler › M.Yusuf
MY

M.Yusuf

M.Yusuf
M.Yusuf meali ile okumaya başla
Lokman 1 / 34
1
Алиф. Лам. Мийм.
M.Yusuf 31:1
2
Ушбулар ҳикматли Китоб оятларидир.
M.Yusuf 31:2
3
У муҳсинларга ҳидоят ва раҳматдир.
M.Yusuf 31:3
4
Намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга ишонч-ла иймон келтирадиганларга.
M.Yusuf 31:4
5
Ана ўшалар, Роббиларидан бўлган ҳидоятдадирлар. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир.
M.Yusuf 31:5
6
Одамлар орасида илмсиз равишда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун ва у(йўл)ни истеҳзо қилиш учун беҳуда сўзни сотиб оладиган кимсалар ҳам бор. Ана ўшаларга ўзларига хорловчи азоб бордир. (Улар ҳикмат тўла Қуръони Каримни, Аллоҳнинг пурҳикмат сўзларини қабул қилмасдан, уларга бадалсиз тақдим этилаётган икки дунё саодатига элтувчи илоҳий дастурга бўйинсунмасдан, қандайдир беҳуда сўзларни кўтариб юрадилар. Ҳа, ўша беҳуда сўзлар эгаси бўлиш учун молу мулкни, ҳаётни, зеҳн-заковатни, бутун имкониятларни сарфлайдилар.)
M.Yusuf 31:6
7
Қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, худди уларни эшитмагандек, худди қулоғида оғирлик бордек мутакаббирлик билан ортга қараб кетадир. Бас, унга аламли азобнинг башоратини бер.
M.Yusuf 31:7
8
Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилганларга, ўшаларга неъмат жаннатлари бордир.
M.Yusuf 31:8
9
Улар унда абадий қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Ва У азиз ва ҳакимдир.
M.Yusuf 31:9
10
У, сиз кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз яратган, сизларни тебратмаслиги учун ер юзига оғир тоғларни ташлаган ва (ер)да ҳар турли жониворларни таратиб қўйган зотдир. Ва осмондан сув тушириб, у билан ун(ер юзи)да турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик. (Оятда «ўсимликларни ўстириб қўйдик», дейилмасдан, «карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик», деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир.)
M.Yusuf 31:10
11
Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар.
M.Yusuf 31:11
12
Батаҳқиқ, Биз Луқмонга: «Аллоҳга шукр қил. Ким шукр қилса, ўзи учун қиладир. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир», деб ҳикматни бердик. («Ҳикмат», аслида, ҳар бир нарсани яхшилаб ўз жойига қўйиш, деган маънони беради. Шу боисдан ҳам ҳар бир гапни тўғри сўзлаш ва ҳар бир ишни тўғри бажаришга «ҳикмат» дейилади. Аллоҳ таоло ҳазрати Луқмонга ана шундай неъматни ато қилганини ушбу оятда билдирмоқда. У кишининг исмларига »ҳаким« лақаби қўшилиб зикр қилиши сабаби ҳам шундан. Баъзи кишилар бу ҳикмат соҳиби бўлган зотни Пайғамбар деб ҳам айтишган. Аммо аксар уламоларимиз, жумладан, кўпгина тафсирчиларимиз, Ҳазрати Луқмон Пайғамбар эмас, ҳаким бўлган, дейдилар. Чунки Пайғамбарларнинг зикри келган Қуръон оятларида бу кишининг исмлари келмаган. Шунингдек, у кишининг Пайғамбар бўлганлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в.) ҳам ҳеч бир хабар бермаганлар.)
M.Yusuf 31:12
13
Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтганларини эсла: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир».
M.Yusuf 31:13
14
Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: «Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир».
M.Yusuf 31:14
15
Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман.
M.Yusuf 31:15
16
«Эй ўғилчам, албатта, у(амал) агар ачитқининг бир дона уруғича бўлсаю у бир қоя тош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва ўта хабардор зотдир.
M.Yusuf 31:16
17
Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир.
M.Yusuf 31:17
18
Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас.
M.Yusuf 31:18
19
Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир». (Яъни, юришинг ўртача ва мақсадли бўлсин. Бекорчи сохта ҳаракатлар билан куч-қувватни исроф қилиб, кибру ҳаво билан ҳам юрма, жуда лапашанг бўлиб, судралма ҳам эшак бекордан-бекорга бор овози билан ҳанграб туради. Ҳеч бир сабабсиз баланд кўтарилган овознинг эшакникига ўхшатилишининг ўзи етарли. Оятда бу овоз энг ёмон эканлиги ҳам таъкидланмоқда.)
M.Yusuf 31:19
20
Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?! Одамлардан илмсиз, ҳидоятсиз ва ёритувчи китобсиз Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ҳам бор. (Баъзи одамлар ўзларида ҳақиқатни исбот қилувчи илм бўлмаса ҳам, Аллоҳ ҳақида тортишаверадилар. Тўғри йўлга бошловчи ҳидоятчилари бўлмаса ҳам, Аллоҳ хусусида баҳслашаверадилар. Турли бўлмағур фикрларни айтадилар. Унга куфр келтирадилар. Унга ширк келтирадилар.)
M.Yusuf 31:20
21
Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», дейилса: «Йўқ! Биз оталаримизни ниманинг устида топсак, ўшанга эргашамиз», дерлар. Агар шайтон уларни дўзах азобига чақираётган бўлса ҳам-а?!
M.Yusuf 31:21
22
Ким гўзал амалларни қилгувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ, у ишончли арқонни маҳкам тутибди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур. (Биз «ишончли арқон» деб таржима қилган маъно оятда «ал-урватул вусқо» деб келган. «Вусқо» ишончли дегани, «ал-урвату» деб эса, тоққа осилиб чиқиладиган арқонга айтилади. Демак, бу дунёда олий мақсадга эришиш баланд тоғ чўққисига чиқиш деб олинса, Ислом динини тутиш ўша чўққига чиқиш учун узилмайдиган, ишончли арқонни маҳкам тутишга ўхшар экан. Чўққига чиқмоқчи бўлган одам, энди арқондан кўнгли тўқ бўлаверсин. Бу ёғи ўзига боғлиқ, ҳаракат қилса, чўққига албатта чиқади. Шунинг учун аввал-бошдан унга иймон келтириб, у нозил қилган Қуръонга эргашавериш керак.)
M.Yusuf 31:22
23
Ким куфр келтирса, унинг куфри сени хафа қилмасин. Қайтишлари фақат Бизгадир. Бас, Биз уларга нима амал қилганлари хабарини берурмиз. Албатта, Аллоҳ қалблардаги нарсаларни ўта билгувчидир.
M.Yusuf 31:23
24
Уларни бир оз ҳузурлантирурмиз, сўнгра қаттиқ азобга мажбур қилурмиз.
M.Yusuf 31:24
25
Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратган?» деб сўрасанг, албатта, — «Аллоҳ», дерлар. Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин», деб айт. Йўқ! Кўплари билмаслар.
M.Yusuf 31:25
26
Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи беҳожат ва мақталган зотдир.
M.Yusuf 31:26
27
Агар ер юзидаги дарахтнинг барчаси қаламлар бўлиб, денгиз–уни ортида етти денгиз мадад бериб туриб (сиёҳ) бўлса ҳам, Аллоҳнинг калималари битмас. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳакимдир.
M.Yusuf 31:27
28
Сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам фақат бир жон (яратиш ва қайта тирилтириш) кабидир. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчидир.
M.Yusuf 31:28
29
Аллоҳ кечани кундузга киритишини ва кундузни кечага киритишини, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйганини, уларнинг ҳар бири белгиланган муддат томон юришини ва, албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардор эканини кўрмадингми?!
M.Yusuf 31:29
30
Бу, албатта, Аллоҳнинг Ўзи ҳақ, албатта, Ундан ўзга илтижо қилаётганлари ботил ва, албатта, Аллоҳнинг Ўзи энг юксак ва энг буюк зот эканидандир.
M.Yusuf 31:30