3
Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар.
4
Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар.
5
Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдир. (Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамга, шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади, деган фикр келиши турган гап эди. Мушриклар қуръоний хабарни масхара қилиб, манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, аммо Аллоҳ таолонинг ўлчови бошқа экани хаёлларига келмасди.)
6
(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин одамларнинг кўпи буни билмаслар. (Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига нусрат бериши ҳақидаги гап Аллоҳнинг ваъдасидир. У зот Ўз иродаси билан ваъда қилади ва Ўз иродаси билан ваъдасини амалга оширади. Бунга ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Лекин одамларнинг кўпи буни билмаслар. Ўзларича ниманидир билгандек бўладилар, аммо асл моҳиятни англаб етмайдилар.)
7
Улар бу дунё ҳаётининг зоҳирини билурлар. Ҳолбуки, улар охиратдан ғофилдирлар. (Одамларнинг кўплари бу беш кунлик дунёнинг зоҳирий, сиртқи тарафини, юзаки биладилар. Кўзларига кўринган, қўллари билан ушлайдиган ёки бошқа ҳис этиш аъзолари ва асбоблари билан сезадиган нарсаларнигина, уларни ҳам бир қисминигина биладилар. Улар асосан бу дунёга қизиқадилар.)
8
Ахир, улар Аллоҳ осмонлару ерни ва улар орасидаги нарсаларни фақат ҳақ билан ва маълум муддатга яратганини тафаккур қилиб кўрмайдиларми?! Ҳақиқатда, одамлардан кўплари Роббиларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчилардир. (Инсоннинг ақл ишлатиладиган нарсалар ҳақида ўйлаши «тафаккур» дейилади. Оятда одамларнинг тафаккур юритмасликларидан ажабланиш бор.)
9
Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Уларнинг булардан қувватлари кўпроқ эди ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар. Ва уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин (оят)лар билан келдилар. Аллоҳ уларга зулм қилмас эди, лекин улар ўзларига зулм қилардилар. (Аввалги кофирлар ободончилик масаласида ҳам ҳозирги кофирлардан устун эдилар. Улар ерга кўпроқ ишлов берганлар. Деҳқончиликни жуда ҳам ривожлантирганлар. Шунингдек, ердан турли маъданларни чиқариш ва бошқа имроний-ободончилик ишларини тараққий эттирганлар. Ушбу оятлар нозил бўлаётган давр кофирларидан кўра кўпроқ обод қилганлар.)
10
Сўнгра ёмонлик қилганларнинг оқибати Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарганлари ва уларни истеҳзо қилганлари учун ёмон бўлди.
11
Аллоҳ махлуқотни йўқдан бор қилади, сўнгра уни яна қайтадан вужудга келтиради, сўнгра Унга қайтарилурсиз.
12
Қиёмат қоим бўлган кунда жиноятчилар ноумид бўлурлар.
13
Уларга (Аллоҳга келтирган) шерикларидан шафоатчилар бўлмади ва улар шерикларига куфр келтиргувчи бўлдилар.
14
Қиёмат қоим бўлган куни, ўша куни (гуруҳларга) бўлинурлар. (Одамлар қиёмат куни икки гуруҳга ажраладилар.)
15
Бас, иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар, улар жаннатда шодланурлар.
16
Куфр келтириб, Бизнинг оятларимизни ва охират мулоқотини ёлғонга чиқарганлар, ана ўшалар, азобга ҳозир қилинурлар.
17
Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳни поклаб ёд этинг. (Бундан мурод, шом ва хуфтон намозларини ўқиб, Аллоҳни поклаб ёд этинглар, тонгга киришда тасбиҳ айтишдан мурод бомдод намозини ўқишдир.)
18
Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ва пешинда ҳам (поклаб ёд этингиз). (Дунёда барча ҳамду сано, мақтов Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Сизлар Унга оқшом ва пешин пайтларида ҳам тасбиҳ айтингиз. Яъни, пешин ва аср намозларини қоим қилинглар.)
19
У ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ва ерни ўлимидан кейин тирилтирур. Шунга ўхшаш сиз ҳам чиқарилурсиз. (Ҳар бир сонияда қандайдир ўсимлик қурийди, бошқаси уруғдан чиқади. Кимдир ўлади, кимдир туғилади. Бу нарса ерда ҳам, кўкда ҳам, сувда ҳам бўлиб туради. Сон-саноғига етиб бўлмайдиган ушбу жараёнларнинг ҳар бирини Аллоҳ таоло амалга оширади.)
20
Сизни тупроқдан яратгани ва сўнгра сизлар башарга айланиб тарқалишингиз Унинг оят-белгиларидандир.
21
Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.
22
Ва Унинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир. Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир. (Инсон боласи ўзига ўхшаган одамлар билан кўришади, гаплашади, лекин илоҳий қудрат туфайли уларнинг тиллари ва ранглари турлича яратилганига эътибор бермайди. Аслини олганда, булар ҳам улкан мўъжизалардир.)
23
Ва Унинг оят-белгиларидан кечаси ва кундузи ухлашингиз ҳамда Унинг фазлидан талаб қилишингиздир. Албатта, бунда эшитадиган қавм учун оят-белгилар бордир. (Уйқу ўз ҳолича олиб қаралганда, катта бир мўъжизадир. Уйқу Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат. Одам боласининг уйқуга эҳтиёжи жуда каттадир. Буни билиш, англаб етиш учун бирор кун уйқусиз юришнинг ўзи етади.)
24
Ва Унинг оятларидан сизга қўрқув ва умид учун чақмоқни кўрсатади ва осмондан сувни нозил қилади-да, у билан ерни ўлгандан кейин тирилтиради. Албатта, бунда ақл юратадиган қавм учун оят-белгилар бордир. (Олимлар кашф қилишларича, чақмоқ чаққанда ҳавони куйдириб ўсимликлар учун ўта фойдали ўғит–азот пайдо бўлар экан. Ана ўша модда ёмғир ила ерга тушиб ўсимликларнинг ўсишига, ҳосил беришига омил бўлар экан. Демак, хавф ва умид чақмоққа боғлиқ экан.)
25
Унинг оят-белгиларидан, осмонлару ер Унинг амри ила туришидир. Сўнгра сизларни бир бор чақирса, ердан ҳаммангиз бирдан чиқарсизлар.
26
Осмонлару ердаги кимсалар Унга хосдир. Барчалари Унга итоат қилгувчидирлар.
27
У махлуқотни йўқдан бор қиладир, сўнгра уни яна қайтадан вужудга келтирадир, бу унга жуда осондир. Осмонлару ердаги энг олий васф Уникидир. У азиз ва ҳаким зотдир.
28
У сизга ўзингиздан мисол келтирди. Сизларнинг қўлингиздаги (қулларингиз)дан Биз сизга ризқ қилиб берган нарсада шерикларингиз бор-у, сизлар у(ризқ)да тенг бўлиб, улар ҳақида ҳам ўзингиздан ҳаққингизда қўрққанингиздек қўрқасизми?! Ақл юритадиган қавмлар учун оятларни ана шундай муфассал қилиб борурмиз. (Биз ризқ қилиб берган неъматга қулингиз ҳам сизга шерик бўлишини хоҳлайсизми? Йўқ. У қулни мазкур молу мулкингизнинг бир қисми ҳисоблайсиз. Унинг мол-мулкингиздан чиқиб кетишини ҳам хоҳламайсиз. Аллоҳ берган ризққа ўз қулингиз шерик бўлишини хоҳламас экансиз, қандай қилиб Аллоҳга Унинг Ўзи яратган махлуқотларини шерикликка раво кўрасиз? Шерик бўлиш осон бўлибдими? Сиз ўз ҳаққингиз зое бўлишидан қўрққанингиз каби, унинг ҳаққи зое кетишидан ҳам қўрқишингиз мумкинми? Ҳеч мумкин эмас. Шундай экан, нима учун Аллоҳ таолога Унинг Ўзи яратган махлуқотларни шерик қиласиз? Ушбу тафсилотларни тўғри тушунган одамлар Аллоҳга ширк келтиришнинг асосий сабабини англаб оладилар.)
29
Йўқ!!! Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос. Аллоҳ залолатга солган кимсани ким ҳидоятга сола оларди?! Ва охиратда уларга нусрат бергувчилар бўлмас.
30
Бас, сен ҳаққа мойил бўлиб, динга юз тут. Бу Аллоҳ одамларни яратган асил табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар. (Мушрик, кофир ва бошқалар ҳавойи нафсга эргашиб, ўзлариникини маъқуллайверади, уларнинг барини эътиборсиз қолдириб, ҳақ динга юзлан. Аллоҳ одамларнинг асил табиатларига Исломни, ягона Аллоҳга иймон келтиришни жойлаган. Аллоҳга ширк келтириш эса, инсоннинг асил табиатига зид бўлиб, илмсизлик ва ҳавойи нафсга эргашиш оқибатида пайдо бўлади.)
Sonraki 30 ayet →