2
Одамлар »иймон келтирдик« дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми? (Иймон калимасини оғизда айтиш осон. Ҳар ким ҳам, иймон келтирдим, деб айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак.)
3
Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак.
4
Ёки ёмонликларни қиладиганлар Биздан қочиб қутулишни ўйлайдиларми? Қилган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?!
5
Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, албатта, Аллоҳ белгилаган вақт келгувчидир. У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир.
6
Ким жиҳод қилса, бас, албатта, ўз фойдаси учун жиҳод қилур. Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир.
7
Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларнинг ёмонликларини, албатта, ўчирурмиз ва уларни қилган амалларининг энг яхшиси ила мукофотлармиз.
8
Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма. Қайтишларингиз Менгагинадир. Бас, сизларга қилган нарсаларингиз хабарини берурман.
9
Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларни солиҳлар қаторига қўшурмиз.
10
Ва одамлардан, Аллоҳга иймон келтирдик, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар Роббинг томонидан нусрат келса, улар, албатта, биз сиз билан бирга эдик, дерлар. Аллоҳ оламларнинг кўксиларидаги нарсаларни ўта билгувчи зот эмасми?! (Бундай одамлар, иймон калимасини айтсак бўлди, ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлаверади, ҳеч қандай ёмонлик етмайди, деб тасаввур қиладилар. Одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азоби деб билади. Чидай олмай, турли ҳолатларга тушади ва иймондан қайтади.)
11
Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни ҳам яхши билур, мунофиқларни ҳам яхши билур.
12
Ва куфр келтирганлар иймон келтирганларга: »Бизнинг йўлимизга эргашинглар, хатоларингизни биз кўтарайлик«, дерлар. Ҳолбуки, улар аларнинг хатоларидан ҳеч бир нарсани кўтаргувчи эмаслар. Албатта, улар ёлғончилардир.
13
Албатта, улар ўз юкларини ҳам, у юклар билан бирга бошқа юкларни ҳам кўтарурлар. Албатта, қиёмат кунида уйдириб юрган нарсалари ҳақида сўралурлар. (Оятдаги «юк»дан мурод гуноҳдир. Албатта, кофирлар гуноҳлари юкини кўтарадилар, шу билан бирга, ўз иғволари билан йўлдан урган одамларнинг гуноҳларини ҳам кўтарурлар. Аммо бу нарса уларнинг иғвосига учганларнинг гуноҳини енгиллатмайди, улар ҳам қилмишларига яраша жазоларини тортадилар.)
14
Ва, батаҳқиқ, биз Нуҳни қавмига Пайғамбар этиб юбордик. Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди. Сўнгра уларни золим бўлган ҳолларида тўфон олди. (Бир одамнинг минг йилдан ортиқ ҳаёт кечиргани кўпларга ғалати туюлиши мумкин. Лекин бу нарса инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони Каримда келган хабарни инкор қилган одам кофир бўлади. Айни чоқда, бу ҳол ақл тарозусида тортса бўладиган оддий бир иш. Қадимда кишиларнинг умрлари узун бўлгани ҳаммага маълум. Бунинг устига, оз сонли жонзотларнинг умри узун, адади кўпларники қисқа бўлиши ҳам тажрибада кўрилган. Нуҳ алайҳиссалом инсоният тўфон туфайли қирилиб кетган бир даврда яшаганликлари эътиборга олинса, мазкур умрузоқлик оддий бир ҳол экани билинади.)
15
Бас, Биз унга ва кема соҳибларига нажот бердик ва у(кема)ни оламларга оят-белги қилдик.
16
Ва Иброҳимни (юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга тақво қилинглар. Бундай қилишингиз, агар билсангиз, сиз учун яхшидир. (Иброҳим алайҳиссалом қавмларига илоҳий даъватни жуда содда қилиб тушунтирдилар. Аллоҳга ибодат қилинглар, бошқага эмас, Аллоҳдан қўрқинглар, бошқадан эмас, дедилар. Демак, қиладиган ҳар бир ишингиз Аллоҳнинг розилигини топиш учун бўлсин. Ҳар лаҳзада Аллоҳга тақво қилиб туринг. Ана шунда мақсадга эришасиз.)
17
Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, бутларга ибодат қилмоқдасиз ва уйдирмалар тўқимоқдасиз, холос. Албатта, Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсаларингиз сизга ризқ беришга молик эмаслар. Ризқни Аллоҳнинг ҳузуридан истанглар. Унга ибодат ва шукр қилинглар. Унгагина қайтарилурсиз», деди.
18
Агар сизлар ёлғончи қилсангиз, бас, сиздан олдинги умматлар ҳам ёлғончи қилганлар. Пайғамбар зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ.
19
Аллоҳ махлуқни аввал-бошдан қандай яратишини, сўнгра уни яна қайтаришини кўрмайдиларми?! Албатта, бу Аллоҳ учун осондир. (Ҳар лаҳзада Аллоҳ таоло турли мавжудотларни йўқдан бор қилаётгани кўрилади. Дунёда пайдо бўлаётган ҳар бир янги нарсани Аллоҳ таоло яратаётгани аниқ. Буни тушуниб етмоқ лозим. Ўша янги пайдо бўлаётган махлуқотлардан, мавжудотлардан энг кичигини, энг соддасини, энг оддийини ҳам одамзот ярата олмайди. Барча инсонлар тўпланиб уринсалар ҳам, бу ишнинг уддасидан чиқа олмайдилар. Бу ҳам тажрибадан ўтган ҳақиқат. Инсон энди шу ҳақиқатни тан олиши лозимки, ана ўша барча махлуқотларни йўқдан бор қилган зотга уларни қиёматда яна қайта тирилтириш жуда ҳам осон. Чунки йўқдан бор қилган зотга борни қайтариш ҳеч гап эмас.)
20
Сен: «Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У зот аввал-бошдан қандай яратганига назар солинглар. Сўнгра Аллоҳ охират ҳаётини пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
21
Кимни хоҳласа, азоблайдир, кимни хоҳласа, раҳм қиладир. Унгагина қайтарилурсизлар.
22
Сиз на ер юзида ва на кўкда У зотни ожиз қолдиргувчи эмассиз. Сизга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмас», деб айт. (Cиз ер юзида ҳам, кўкда ҳам Аллоҳни ожиз қолдириб, қочиб қутула олмайсиз. Унга қайтиб боришингиз, жазоингизни олишингиз турган гап.)
23
Аллоҳнинг оятларига ва Унга рўбарў бўлишга куфр келтирганлар, ана ўшалар Менинг раҳматимдан ноумид бўлдилар. Ана ўшаларнинг ўзларига аламли азоб бор. (Ҳа, бу дунёда фақат кофиргина Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлади. Чунки у ўзининг кофирлиги туфайли Аллоҳ билан бўлган алоқасини узади. )
24
Унинг қавмининг жавоби: «Уни ўлдиринглар ёки ўтда ёқинглар!» дейишларидан бошқа нарса бўлмади. Бас, Аллоҳ уни ўтдан қутқарди. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.
25
У: «Сизлар, албатта, ҳаёти дунёдаги ўзаро маваддатингиз учун Аллоҳни қўйиб, бутларни тутдингиз. Сўнгра қиёмат кунида баъзингиз баъзингизга куфр келтирурсиз ва баъзингиз баъзингизни лаънатларсиз. Ва жойингиз дўзахдир. Ҳамда сизга нусрат бергувчилар бўлмас.
26
Бас, унга Лут иймон келтирди ва: «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман. Албатта, У азиз ва ҳакимдир», деди. (Яъни, Иброҳимга алайҳиссалом Лут иймон келтирди. Лут алайҳиссалом Иброҳимга алайҳиссалом жиян бўлар эди. Лут алайҳиссалом амакилари Иброҳимга алайҳиссалом иймон келтирган биринчи одам бўлдилар. Шунингдек, Иброҳимга алайҳиссалом хотинлари Биби Сора ҳам иймон келтирган эдилар. Тафсирчи уламоларимиз оятдаги «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман» жумласини ким айтгани тўғрисида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари, бу гапни Лут алайҳиссалом айтган, десалар, кўплари, Иброҳим алайҳиссалом айтган, дейдилар. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳга ҳижрат қилиш, дунёдаги барча нарсани ташлаб, Аллоҳ таолога томон интилиш туйғуси Иброҳимда алайҳиссалом ҳам, Лутда алайҳиссалом ҳам кучли бўлган. Аллоҳ таолонинг азиз-ғолиб, барчадан устун эканлигига ва ҳар нарсани ҳикмат билан қилишига ҳам уларнинг ишончлари юқори даражада бўлган.)
27
Биз унга Исҳоқни ва Яқубни бахш этдик ва Пайғамбарлик ҳамда китобни унинг зурриётида бўладиган қилдик. Унга бу дунёда ажрини бердик. Албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай.
28
Ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Албатта, сиз ўзингиздан олдин ўтган оламлардан ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қилмоқдасиз.
29
Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва тўплантиларингизда мункир иш қилурмисиз?!»деди. Унинг қавмининг жавоби: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади.
30
У: «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди. (Бу бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермади. Энди, уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди. Аллоҳ Лут алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Фоҳишачи қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни юборди. Ўша фаришталарга йўл-йўлакай Иброҳимга алайҳиссалом фарзанд кўришлари ҳақидаги башорат-хушхабарни етказиш ҳам топширилган эди. Шу мақсад ила улар аввал Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келдилар.)
Sonraki 30 ayet →