1
Кааф, ҳаа, йаа, айн, сод.
2
Бу, Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир. (Яъни, эй Муҳаммад (с. а. в.), ушбу қисса «Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир».)
3
Унинг Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла.
4
У: «Эй Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, эй Роббим, сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман.
5
Ва, албатта, мен ортимдаги қариндошлардан қўрқдим. Аёлим туғмас эди. Бас, менга Ўз даргоҳингдан бир валий–ортдан қолгувчи ато эт.
6
У менга ва Яъқуб оиласига меросхўр бўлсин. Эй Роббим, уни Ўзинг рози бўладиган қил», деди.
7
Эй Закариё, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга отдош қилган эмасмиз. (Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга буюк раҳмат назари билан боқди. Фарзанд берибгина қолмай, унга Ўзи Яҳё, деб исм ҳам қўйди. Буларнинг бари дунёга келаётган фарзандининг келажаги жуда қутлуғлигидан дарак берар эди.)
8
У: «Эй Роббим, аёлим туғмас бўлса, ўзим қариб-чириб қолган бўлсам, қандай қилиб менинг ўғлим бўлсин?!» деди.
9
У: «Ана шундай! Роббинг айтдики, бу мен учун осон. Батаҳқиқ, бундан олдин сени яратдим. Ҳолбуки, сен ҳеч нарса эмас эдинг», деди.
10
У: «Роббим, менга бир белги ато қил», деди. У зот: «Сенинг белгинг саломат ҳолингда, одамларга уч кеча гапирмаслигингдир», деди.
11
Бас, у ўз қавми ҳузурига меҳробдан чиқди ва уларга, эртаю кеч тасбиҳ айтинглар, деб ишора қилди. (Соғлом ҳолда тилдан қолган Закариё алайҳиссалом меҳробда ибодат, тасбиҳ ва Таврот тиловати билан машғул бўлдилар. Меҳробдан чиқиб қавмларига, эртаю кеч Аллоҳга тасбиҳ айтинглар, деб ишора қилдилар. Бу билан қавмларини бирга ибодат қилишга, берилган улуғ неъмат шукронасини адо этишга чорладилар. Шу нуқтада Закариёга алайҳиссалом тегишли тарих хотима топади. Яҳё алайҳиссаломнинг таваллудлари, ҳаётларига тааллуқли бошқа тарихлар баён этилмай, бир йўла ул зотга китоб нозил этилиш қиссаси зикр этилади.)
12
«Эй Яҳё, китобни қувват-ла ол!» (дедик) ва унга гўдаклигидаёқ ҳукмни бердик. (Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга, илоҳий Тавротни қувват билан ол, демоқда. Оятдаги: «Унга гўдаклигидаёқ ҳукмни бердик», деган жумлани уламоларимиз илму ҳикмат мазмунида таъвил қилганлар.)
13
Ва Ўз томонимиздан меҳрибонлик ва поклик (бердик). Ҳамда у тақводор эди.
14
У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабр-ситам қилгувчи ва исёнчи эмасди.
15
Унга туғилган кунида ҳам, ўладиган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида ҳам саломлар бўлсин.
16
Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда.
17
Ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда, Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди. (Яъни, эй Муҳаммад, бу китобда (Қуръонда) Марямни эсла. Байтул Мақдисда яшаётган, бокира, тақводор қиз Марям, шаҳарнинг шарқий томонига ёлғиз чиқди. Нимага чиққанини Аллоҳ билади. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Жаброил алайҳиссалом Марямга тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди. Аллоҳ уни яратган асл ҳолатида кўринмади. Чунки бус-бутун ҳолида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.)
18
У: «Мен сендан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман. Агар тақводор бўлсанг...» деди.
19
У: «Мен Роббингнинг элчисиман, холос, сенга бир пок ўғилни ҳадя этиш учун келдим», деди.
20
У: « Менда қаёқдан ўғил бўлсин, менга башар тегмаган бўлса, мен бузуқ ҳам бўлмасам?!» деди.
21
У: «Ана шундай, Роббинг айтдики, бу Мен учун осондир ва уни одамларга белги қилиш учун ҳамда Биздан раҳмат бўлиш учун, бу, ҳукми чиқиб бўлган ишдир», деди.
22
Бас, унга ҳомиладор бўлди. Сўнгра у билан узоқ маконга четланди. (Яъни, Жаброил алайҳиссалом Марямнинг ёқасидан пуфлаганидан кейин Ийсога алайҳиссалом ҳомиладор бўлди.)
23
Бас, тўлғоқ уни хурмо танасига олиб борди. У: «Кошки бундан олдин ўлсам эди ва бутунлай унутилиб кетсам эди», деди.
24
Унинг остидан: «Маҳзун бўлма, батаҳқиқ, Роббинг остингдан оқар ариқ қилди.
25
Хурмо танасини силкит, сенга янги мева туширади», деб нидо қилди. (Тафсирчи уламоларимиз ушбу ояти каримани икки хил талқин қиладилар. Баъзилар «Унинг остидан» иборасини хурмонинг остидан маъносида, «нидо қилди» иборасини, фаришта нидо қилди мазмунида шарҳлаганлар. Айрим уламолар эса, «Унинг остидан»ни «Марямнинг остидан» ва «нидо қилди»ни, Ийсо нидо қилди, деб талқин этганлар.)
26
Е, ич ва кўзинг қувонсин. Бас, бирор одамни кўрар бўлсанг: «Мен Роҳманга рўза назр қилдим. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмасман», дегин.
27
Бас, уни кўтариб қавмига олиб келди. Улар: «Эй Марям, сен ажойиб нарса келтирдинг-ку!
28
Эй Ҳорун синглиси, отанг ёмон одаммас ва онанг ҳам бузуқ бўлмаган эди-ку!» дедилар. (Биби Марям Ийсо алайҳиссаломни кўтариб қавми ҳузурига борди. Қавм бу ҳолни кўриб ҳайратга тушди. Дарҳол Марямни тергаб, дашном бера бошлади.)
29
Бас, у унга ишорат қилди. Улар: «Бешикдаги гўдак ила қандай гаплашамиз?!» дедилар. (Бешикдаги бола ҳеч қачон гапирмайди. Аммо Аллоҳ ҳар нарсага қодир. У хоҳлаган иш бўлади. Бешикдаги гўдак Ийсо алайҳиссалом тилга кирдилар.)
30
У: «Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман. У менга китоб берди ва мени Пайғамбар қилди.
Sonraki 30 ayet →